Ўзбек делегацияси ИҲТ ТИВК 45-сессияси ишида иштирок этди

Дата: 11:48, 08-05-2018.

Тошкент. 8 май. ЎзТАГ – 5-6-май кунлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Абдужабар Абдувахитов бошчилигидаги делегация Дакка шаҳрида (Бангладеш) Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (ТИВК) 45-сессиясида иштирок этди, дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

“Сессия ишида ИҲТнинг иштирочи давлатлари делегациялари, қатор халқаро ташкилотлар ва молия институтлари раҳбарлари қатнашди. Анъанага кўра, мажлис ИҲТ ТИВКдаги раислик Кот-дъ Ивуардан Бангладешга топшириш маросими билан бошланди. Бангладеш “Исломий қадриятлар барқарор тинчлик, бирдамлик ва ривожлантириш учун” шиорини танлагани эълон қилинди”, - дейилади хабарда.

ИҲТга аъзо давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, ИҲТ фаолиятига доир масалалар кўриб чиқилди.

“Ўзбекистон делегацияси нутқида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси ислом цивилизацияси ривожига ўз ҳиссасини қўшиш бўйича амалий чоралар кўрмоқда. Хусусан Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий маркази мажмуаси қурилиши тугалланмоқда, Тошкент ислом университетида ИСEСCО махсус кафедрасида фаол иш бошлади”, - дейилади хабарда.

Шундан кейин таъкидланишича, сессия иштирокчилари 2017-йил сентябр ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Фан ва технологиялар бўйича ИҲТнинг биринчи саммитида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган илм-фан, технологиялар ва инноватсияларни ривожлантириш бўйича конструктив ғоя ва ташаббуслари билан таништирилди. Уларнинг эътибори иккинчи Саммитни 2020-йили Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги таклифга қаратилди.

Ўзбекистон делегацияси ташаббуси билан ИҲТ ТИВКнинг 45-сессиясида “Фан ва технологиялар бўйича ИҲТ иккинчи Саммитини 2020-йили Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида”, “Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этиш тўғрисида”, “Ўзбекистонда Ёш олимларнинг халқаро ислом марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Бундан ташқари, ТИВК сессиясининг тегишли қарорларида 2018-йил 26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференциянинг муҳимлиги ва долзарблиги қайд этилди.

Сурат манбаи: https://ca-news.org/news:1446517

Янгилик билан ўртоқлашиш: