Ўзбек делегацияси Корвин Университети ректори билан учрашди

Дата: 15:18, 27-02-2018.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – 26-феврал куни “Вишеград гуруҳи” ва Марказий Осиё мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашувида иштирок этиш учун Будапешт шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси делегацияси Корвин Университети ректори Андраш Ланцзи билан учрашди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

“1853-йили асосланган университет ҳозирги кунда иқтисод соҳасига ихтисослашгани билан машҳур ва жаҳоннинг энг сара 200 та таълим муассасалари қаторига киради. Ушбу даргоҳда таълим венгер, инглиз, немис ва француз тилларида олиб борилади”, - дейилади хабарда.

Университетда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Венгрия таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, кадрлар тайёрлаш ва илмий алмашинувлар соҳасида томонларнинг аниқ ташаббусларини тадбиқ этишнинг амалий масалалари кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамизки, “Вишеград гуруҳи” ёки Вишеград тўртлиги Польша, Чехия, Словакия ва Венгрия каби тўрт Марказий Европа давлатининг бирлашмасидир.

Гуруҳ тўрт собиқ социалистик мамлакатлар президент ва бош вазирлари Лех Валенса (Польша), Вацлав Гавел (Чехословакия) ва Йожеф Анталаларнинг (Венгрия) 1991 йил 15 февралда венгриянинг Вишеград шаҳридаги учрашуви натижасида юзага келган. Учрашувда Европа таркибларига интилишга доир қўшма декларация имзоланган.

Сурат манбаи: https://yandex.ru/collections/card/58f71ebb0265c18447e7a796/

Янгилик билан ўртоқлашиш: