Ўзбек фильми Москвадаги халқаро кинофестивал совринини олди

Дата: 12:49, 13-11-2014.

Тошкент. 13 ноябр. ЎзТАГ – Таниқли ўзбек кинорежиссёри Қамара Камолованинг “Унутма мени” бадиий фильми Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Лучезарный ангел” (“Нурли фаришта”) ХI Халқаро хайрия кинофестивалида “Болалар учун энг яхши кино” номинациясида махсус совринга сазовор бўлди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Картина болаликнинг унутилмас ва қувончли лаҳзалари ҳақида ҳикоя қилади. Кичкинагина Гулноз қишлоққа бувисини кўриб келишга боради. Бу ерда қизча мамлакатининг ноёб табиати билан танишади ва янги дўстлар орттиради. Фильмда Малика Ибраҳимова, Тоҳир Миралиев каби таниқли ўзбек актёрлари билан бирга Севинч Абдураҳимова, Зебо Шарипова, Рашид Рустамов каби ёш актёрлар ҳам рол ижро этганлар”, – деб таъкидлашди “Ўзбеккино” МА матбуот хизматида.

Эслатиб ўтамизки, режиссёр Қамара Камолованинг “Унутма мени” фильми бундан бир ой олдин Ҳёмниц шаҳрида (Германия) бўлиб ўтган “Шлингель-2014” 19-халқаро болалар ва ўсмирлар фильмлари кинофестивалида “Томошабин эътирофи” совринини ҳам олган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: