Ўзбекистон 2030 йилга қадар кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 4,5 баробарга кўпайтиришни режалаштирмоқда

Дата: 15:57, 26-10-2018.

Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон 2030 йилга қадар кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 4,5 баробарга кўпайтиришни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президентининг 25 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан кўзда тутилган.

“2018-2030 йилларда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 4,5 баробарга, шу жумладан, минерал ўғитларни – 2 баробарга (1,2 миллион тоннадан 2,4 миллион тоннагача), маҳсулотлар экспортини – 4 баробарга ошириш, шунингдек, органик кимё маҳсулотлари улушини 7 %дан 54 %гача етказиш орқали тармоқни диверсификация қилишни назарда тутувчи “Ўзкимёсаноат” АЖ фаолиятида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва модернизация қилиш, базавий маҳсулотларни қайта ишлашни янада чуқурлаштириш, мавжуд активлардан оқилона фойдаланиш ва бошқаришнинг замонавий усулларини жорий қилишнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлансин”, - дейилади ҳужжат матнида.

Бу барча натижаларга 2018-2020 йилларда “Аммофос-Максам” АЖда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ҳисобига фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини 20,0 минг тоннага ошириш, “Навоийазот” АЖда йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол, “Навоийазот” АЖда йилига 500 минг тонна азот кислотаси, “Навоийазот” АЖда йилига 660 минг тонна аммиак, 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳисобига эришилади.

Шунингдек, “Фарғонаазот” АЖда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда йилига 7,8 миллион дона замонавий полимер обойлар ишлаб чиқариш ва “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш” инвестициявий лойиҳаси (II босқич) доирасида тоғ-кон мажмуаси лойиҳа ҳажмларида ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳам режалаштирилмоқда.

Сурат манбаи: https://nuz.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: