Ўзбекистон Футбол Федерацияси футбол бўйича терма жамоаларнинг муваффақиятсиз чиқишига кескин муносабат билдирди

Дата: 12:27, 26-06-2015.

Тошкент. 26 июн. ЎзТАГ - Ўзбекистон Футбол Федерацияси (ЎФФ) футбол бўйича терма жамоаларнинг сўнгги муваффақиятсиз чиқишларига кескин муносабат билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизмати хабарига асосланган ҳолда.

ЎФФ Ижроия қўмитасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош тренери Миржалол Қосимов ўз аризасига кўра бош мураббийи вазифасидан озод этилди ва “Пахтакор” футбол клубида бош мураббий сифатида ишлаб келган Самвел Бабаян жамоасидаги вазифасидан озод этилиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи этиб тайинланди. Унинг ёрдамчиси лавозимига Равшан Ҳайдаров тайинланди. Ўз навбатида, Ўзбекистон миллий терма жамоаси олдига 2018 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси қўйилди”, – дейилади хабарда.

Шунингдек, Бахтиёр Ашурматов Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнини “Пахтакор” футбол клубида турли лавозимларда ишлаб келган Виктор Жалилов олди. Дилшод Нуралиев эса Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг катта мураббийи этиб тайинланди.

Хабарда айтилишича, яқин 20 кун ичида Самвел Бабаянга ёрдамчи сифатида ишловчи хорижий мутахассисни таклиф қилиш бўйича таклифлар киритилиши зарур. Айни пайтда Терма жамоалар маркази Бабаяннинг миллий терма билан боғлиқ барча масалалардаги ваколатларини кенгайтириши зарур.

Ижроия қўмитасида миллий термаларни мустаҳкамлаш бўйича бошқа чоралар ҳам кўрилди.

Хусусан, ЎФФ Ижроия қўмитаси терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов ва техник директор Рустам Акрамов иш шу даражада давом этиб, терма жамоалар олдига қўйилган вазифалар бажарилмаса, футболдан бутун умрга четлатилиши мумкинлиги ҳақида ҳам эслатиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: