Ўзбекистон МАК ватандошларни Россиянинг миграцион талаблари ҳақида огоҳлантирди

Дата: 14:46, 22-11-2018.

Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон миллий авиакомпанияси (МАК) ватандошларни Россиянинг миграцион талаблари ҳақида огоҳлантирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Россияга вақтинчалик келган Ўзбекистон фуқаролари келган вақтдан бошлаб 3 иш куни мобайнида Россия ИИВнинг Миграция масалалари бўйича бошқармаси ҳудудий бўлинмасини хабардор қилишлари шарт. Уч кундан ортиқ бўлмаган муддатга келган фуқаролар яшаш жойида рўйхатдан ўтишларига ҳожат йўқ”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, муҳожирликни ҳисобдан ўтказиш қоидаларининг бузилиши 2 минг рублдан (252807 сўм) 5 минг рублгача (632017 сўм) жарима солиш, айрим ҳолларда Россиядан чиқариб юбориш сингари маъмурий жавобгарликка олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, маъмурий чиқариб юборишга ҳукм қилинган фуқаро 5 йилгача Россияга киритилмаслиги мумкин.

Батафсил маълумотни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси (www.uzembassy.ru) сайтидан ёки элчихонанинг консуллик бўлимига +7499 2300076 рақами орқали қўнғироқ қилиб олишингиз мумкин, деб хулоса қилинади хабарга.

Сурат манбаи: https://inosmi.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: