Ўзбекистон меҳмонхоналар сонининг ошиши учун рағбатлар ўйлаб топди

Дата: 14:25, 07-01-2019.

Тошкент. 7 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда меҳмонхоналар қуришни рағбатлаш учун чоралар қабул қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу президентнинг 2019 йил 5 январда қабул қилинган “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.

Хусусан, шундай механизмлар жорий этиладики, уларга мувофиқ меҳмонхона қуриш учун ажратилган ер участкаси қурилиш тугаллангандан сўнг инвесторга мулк ҳуқуқи асосида сотилиши мумкин, моддий маданий мерос объектларининг ҳудуди ва муҳофаза зонаси ҳамда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкалари бундан мустасно.

Шунингдек, 3 юлдузли тоифа учун 50 та хонадан кам бўлмаган ва 4 юлдузли тоифа учун 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларининг бир қисми давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Шу билан бирга, инвесторлар харажатларининг бир қисмини давлат бюджетидан молиялаштириш миқдори қўшимча равишда ташкил этилаётган хоналар сони 50 мингтага етгунига қадар келгуси йил учун давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш жараёнида ушбу миқдорни ҳар йили индексация қилган ҳолда юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўмни, 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмни ташкил қилади.

Бундан ташқари, дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (меҳмонхона брендларининг топ-50 рейтингига кўра) фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган ташкилотлар учун роялти франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги ҳажмда қисман молиялаштирилиши белгиланади. Бунда, дастлабки 50 та 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик $200 эквивалентида; дастлабки 30 та 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик $400 эквивалентида бўлади.

Шу билан бирга, ташкилотлар учун роялтини молиялаштиришнинг умумий ҳажми кўпи билан $10 млн эквивалентига тенг бўлади.

Сурат манбаи: http://hotelmaster.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: