Ўзбекистон Миллий банки ва Хитой тараққиёт банки ўртасида $250 млнлик кредит шартномаси имзоланди

Дата: 17:41, 05-06-2018.

Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий банки ва Хитой тараққиёт банки ўртасида $250 млнлик кредит шартномаси имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ўзбек банкининг матбуот хизматига таянган ҳолда.

Шартнома 2018 йил 5 июн куни Пекинда 9-10 июн кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ХХРда бўлиб ўтадиган саммити арафасида имзоланди.

“Янги кредит шартномаси йирик лойиҳаларни, шу жумладан, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялашни назарда тутади. Келишув Ўзбекистон Республикасига импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилган юқори технологияли ускуналар етказиб беришни кўзда тутади. Хитой банкининг кредит линиясини Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги тадбиркорлар олишлари мумкин бўлади”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 2006 йилдан бошлаб ўтган вақт давомида Ўзбекистон Миллий банки ва Хитой тараққиёт банкининг ҳамкорлиги доирасида банк томонидан Хитой банкининг 5 та кредит линиялари жалб этилди, уларнинг доирасида иқтисодиётнинг турли соҳаларида 450 дан зиёд лойиҳалар молиялаштирилди.

$1 = 7944,07 сўм

Сурат манбаи: http://www.aglhr.com/news/cj/jr/ao/2017/0215/699.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: