Ўзбекистон Миллий университети филиали Жиззахда ташкил этилди

Дата: 15:34, 08-07-2019.

Тошкент. 8 июль. ЎзТАГ – Ўзбекистон Миллий университети филиали Жиззахда ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ҳукуматнинг 2019 йил 5 июлдаги 563-сонли қарори билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетининг Жиззах филиали ташкил этилди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, филиалнинг асосий вазифаси психология, педагогика, математика ва табиий фанлар, механика ва бошқа мутахассисликлар бўйича халқаро стандартлар даражасида юқори малакали кадрларни сифатли тайёрлаш ҳисобланади.

Шунингдек, филиал Россиянинг психология соҳасидаги етакчи университетлари билан биргаликда қўшма дастурлар асосида малакали кадрлар тайёрлайди.

"2019/2020 ўқув йили учун давлат буюртмаси асосида филиалга қабул қилиш параметрлари таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарори билан тасдиқланади", - дейилади хабарда.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб талабаларни қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига қабул квоталаридан келиб чиқиб белгиланади.

 

Сурат манбаи: uz.sputniknews.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: