Ўзбекистон президенти АҚШ элчисини мамлакатдаги миссияси тугаётгани муносабати билан қабул қилди

Дата: 15:14, 16-12-2014.

Тошкент. 16 декабр. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Оқсаройда АҚШнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Кролни қабул қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Ислом Каримов Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари ўзаро манфаатли барча соҳаларда изчил ривожланаётганини таъкидлади. Президент элчи Жорж Кролнинг Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.

Ўз навбатида, америкалик дипломат самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистондаги фаолияти давомида муҳим сиёсий воқеалар, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги самарали ўзгаришлар гувоҳи бўлганини таъкидлади. Булар Ўзбекистонни халқаро миқёсдаги ишончли ва истиқболли шериклар қаторига олиб чиқмоқда.

Суҳбат чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамизки, ҳозирда ўзбек бозорида америка компаниялари иштирокида 190 корхона фаолият юритмоқда, бундан 53таси 100% хорижий капитал ҳисобига тузилган. Мамлакатда АҚШнинг 40 етакчи корпорациялари ваколатхоналари рўйхатга олинган.

1993 йилдан бери АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикасига умумий қиймати $356 млнлик техник кўмак кўрсатди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: