Ўзбекистон Республикаси делегацияси БМТ Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари бўйича 37- сессиясида иштирок этди

Дата: 15:06, 02-03-2018.

Тошкент. 2 март. ЎзТАГ – Адлия вазири Русланбек Давлетов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директор Акмал Саидовдан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси БМТ Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари бўйича 37- сессиясида иштирок этмоқда. Кенгаш 2018 йил 26 февралда Женевада (Швейцария) ўз ишини бошлади, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

“Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллигини нишонлаш учун ўтказилаётган мажлиснинг юқори даражадаги сегментида 180 дан зиёд давлатдан келган 3000 га яқин киши иштирок этмоқда. Улар орасида давлатлар, ҳукуматлар, вазирликларнинг раҳбарлари, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар, вакиллари бор”, - дейилади хабарда.

Мажлиснинг очилишида БМТ Бош котиби Антонио Гутеррес, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Заид Раъад Ал Ҳусайн ва БМТ Бош Ассамблеясининг 72- мажлиси раиси Мирослав Лажcаклар иштирок этиб, ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.

Хабар берилишича, Ўзбекистон Адлия вазири тадбир иштирокчиларини мамлакатимизда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, ушбу соҳада Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси ижроси тўғрисида хабардор қилди. Хусусан, халқаро аудиторияга Ўзбекистоннинг аҳоли билан мулоқот бўйича ноёб тажрибаси, жамоатчиликни шикоят ва мурожаатларини Халқ қабулхоналари тарафидан кўриб чиқилиши, уларнинг бутун мамлакат бўйлаб очилиши кабилар ҳақида маълумотлар етказилди.

“Жиноятчиликка қарши курашнинг, биринчи навбатда, унинг олдини олиш ва эрта огоҳлантиришга йўналтирилган сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этилганлиги алоҳида таъкидланди. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва бажариш тизимининг биринчи натижалари, шу жумладан, Олий суд кенгаши таъсис этилиши, янги иқтисодий ва маъмурий судларнинг ташкил этилиши, мамлакат тарихида фуқароларнинг илк марта авф этилиши, жиноий терговда ноқонуний йўл билан далил олишнинг олдини олиш бўйича илк натижалар тақдим этилди”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон делегацияси томонидан, шу жумладан, 2018 йилнинг ноябрида Самарқандда бўлиб ўтган Осиё Инсон ҳуқуқлари форуми ҳақида тақдим этилган маълумот юқори даражадаги сегмент иштирокчилари орасида катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг доимий ваколатхонаси маълумотига кўра, Женевадаги БМТнинг бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлар қошида Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаш (ИҲК) 2006 йил 15 мартда ташкил этилган. ИҲК 47 давлатдан иборат бўлиб, яширин овоз бериш йўли билан ва мутлақ кўпчилик овоз билан уч йилга сайланади. Кенгаш Женевада жойлашган бўлиб, БМТ Бош Ассамблеяси органи мақомига эга. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Бошқармаси Котибият бўлиб хизмат қилади.

Сурат манбаи: http://colombogazette.com/2015/06/16/ohchr-urged-to-ensure-report-reveals-all/

Янгилик билан ўртоқлашиш: