Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида савдо ҳажми 60 фоиздан зиёдроққа ошди

Дата: 15:35, 30-04-2019.

Тошкент. 30 апрель. ЎзТАГ - Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасининг (ЎзРТХБ) барча савдо майдончаларида 2019 йилнинг биринчи чорагида савдо ҳажми 60 фоиздан зиёдроққа ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"ЎзРТХБ" АЖнинг барча савдо майдончаларида 2019 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган битимлар умумий ҳажми 9 381,7 млрд. сўмни ташкил этди, бу эса 2018 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 61% га кўпдир. Тадбиркорлар иштирокидаги биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажми 4 234,7 млрд. сўмни ташкил этиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 47,3% га ўсди", дейилади ЎзРТХБ матбуот хизмати хабарида.

Биржа савдоларида умумий қиймати 8 468,2 млрд. сўмлик товарлар сотилганлиги қайд этилди, бу эса 2018 йилнинг биринчи чорагидаги кўрсаткичдан 53,6% га ошди. Савдо корхоналари савдоларида 494,1 млрд сўм реал бозор баҳосини шакллантириш ҳисобига қўшимча даромад олинди.

"Кўриб чиқилаётган давр мобайнида электрон давлат харидлари бўйича амалга оширилган битимлар умумий ҳажми 578,2 млрд. сўмни, жами маблағларни тежаш ҳажми 102,8 млрд. сўмни ташкил этди. Кўргазма-ярмарка савдоларида 299,1 млрд. сўмлик битимлар тузилди", дейилади хабарда.

Бундан ташқари, биржанинг онлайн аукционлари орқали умумий қиймати 36,2 миллиард сўмлик 8 427 та автономерлар сотилди. Бир битимнинг ўртача қиймати 4,3 млн сўмни ташкил этди.

"Валюта савдо майдончаси ва кўргазма-ярмарка савдолари орқали биржа фақат 29,2 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилди, 2018 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 24,7% кўпроқ. Бунда биржа экспортининг таркиби пахта толаси – 49,7%, полиэтилен – 31,9%, нефть маҳсулотлари – 14,5% ва суюлтирилган газ – 3,9% каби товар позицияларини олди", дейилади хабарда.

 

Сурат манбаи: gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: