Ўзбекистон ТИВ БМТ Бош котибининг ташрифи ҳақидаги маълумотга аниқлик киритди
Тошкент. 8 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котибининг ташрифи ҳақидаги маълумотга аниқлик киритди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш 2017-йил 9-июн куни Ўзбекистонга ташриф буюради”, - дейилади ТИВ сайтида жойлаштирилган маълумотда.
Таъкидланишича, икки томонлама учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон билан БМТ ва унинг тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Орол фожиасининг экологик оқибатларини юмшатишга доир масалалар муҳокама этилиши режалаштирилган.
“Ташриф дастурида Самарқанд, Нукус ва Мўйноқ шаҳарларига бориш кўзда тутилган”, – дейилади яна хабарда.
Эслатиб ўтамизки, ЎзТАГ 7 июняда БМТ Янгиликлар марказига асосланган ҳолда Гутерриш 10 июн куни Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақида хабар қилган эди.