Ўзбекистон ва ЕИ кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолайдилар

Дата: 11:54, 23-11-2018.

Тошкент. 23 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолайдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

22-ноябр куни Бруссель шаҳрида (Бельгия) бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгашининг 14-мажлисида иштирок этди.

Европа Иттифоқи делегациясига ҳозирда ЕИга раислик қилаётган Австрия Республикасининг Европа ишлари, интеграция ва ташқи ишлар масалалари бўйича федерал вазири Карин Кнеиссл бошчилик қилди.

“Учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокараларни 23-ноябр куни бошлашга келишиб олинди. Ушбу битим 1999-йил 1-июлдан буён амал қилаётган Ўзбекистон ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо давлатлар ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнини босиши кутилмоқда”, - дейилади ТИВ матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, икки томон кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, муҳокама қилинган деярли барча масалалар бўйича мавқеъ ва қарашлар яқинлиги ёки мос келиши ҳамда узоқ муддатли ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантиришдан томонлар манфаатдорлиги тасдиқланди.

Европа томони Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига кўмак беришга тайёр эканлигини тасдиқлади.

Шунингдек, айрим халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Афғонистонда тинчликни ўрнатишда фаол ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Мажлис якунида А. Камилов ва К. Кнеиссл матбуот анжумани ўтказдилар.

 

Сурат манбаи: https://mfa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: