Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари телефон орқали нималарни муҳокама қилишди

Дата: 09:34, 30-04-2019.

Тошкент. 30 апрель. ЎзТАГ - 29 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон раҳбари матбуот хизматининг қайд этишича, давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва тотув қўшничилик муносабатларини изчил кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, турли соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш борасида изчил ижобий тенденцияни қайд этдилар.

Шунингдек, суҳбат чоғида илгари эришилган келишувларни навбати билан амалга ошириш, ҳудудлараро ҳамкорлик имкониятларини тўлиқ ишга солиш, шу билан бирга, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

"Президентлар минтақавий инфратузилма лойиҳаларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш муҳимлиги ва иқтисодий аҳамияти қайд этилди", дейилади хабарда.

Томонлар бундан кейин ҳам ушбу лойиҳанинг барча иштирокчилари ўртасида ўзаро англашув ва келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини қайд этдилар.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

"Телефон орқали мулоқот якунида давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, икки қардош халқ манфаати учун анъанавий ўзбек-қирғиз дўстона муносабатлар, тотув қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қатъий қарор қилганини яна бир бор тасдиқладилар", дейилади хабарда.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: