Ўзбекистон йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги халқаро конвенция ва келишувларга қўшилишга тайёр

Дата: 16:30, 09-07-2015.

Тошкент. 9 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги халқаро конвенция ва келишувларга қўшилишга тайёр, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида яқинда Ўзбекистон Автомобиль ва дарё танспорти агентлигида (ЎзАДТА) ТРАСЕКА лойиҳаси экспертлари жамоаси иштирокида Ўзбекистоннинг йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги халқаро конвенция ва келишувларга қўшилиши ва мамлакатда келишувлар талабларини амалга ошириш масаласи юзасидан бўлиб ўтган муҳокамада маълум қилинди.

ЎзАДТАдан хабар беришларича, муҳокама ТРАСЕКАнинг Шарқий қўшнилик ва Марказий Осиё мамлакатларида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳудудий режасини амалга оширишга доир семинар доирасида ташкил этилди.

Учрашувни очар экан, ТРАСЕКАнинг Ўзбекистондаги доимий вакили, миллий котиб Саидраҳим Икромов, ТРАСЕКА лойиҳаси (Европа-Кавказ-Осиё транспорт йўли) Европа Иттифоқи томонидан ТАСИС лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилиб, унинг вазифаси транспорт коммуникацияларини ривожлантирган ҳамда Буюк Ипак йўлининг кўҳна йўналишидан бирини тиклаган ҳолда Европани Марказий Осиё минтақаси билан боғлашдан иборатлигини айтиб ўтди.

ЕИТР келишуви бўйича етакчи эксперт ва тахограф Жил Баррангернинг сўзларига кўра, “ТРАСEКА йўлларнинг хавфсизлигига, хусусан, ҳайдовчининг дам олишига катта эътибор қаратади. Лойиҳанинг асосий мақсади ЙТҲ сонини камайтиришга имкон яратиш, бу билан ЙТҲ натижасида ТРАСEКА йўналиши бўйича, айниқса, давлатлараро халқаро транспортларда зарар кўрганлар ва вафотларнинг сонини камайтиришдир”.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, автотранспорт воситаларининг техник параметрларини текшириш ва сертификатлаш муҳим масала бўлиб қолмоқда. Дунёда учинчи давлатларга Европанинг етакчи автомобил ишлаб чиқарувчи корхоналар автомобиллари тариқасида сифати эса ривожланган давлатларда сотиладиган худди шундай автомобиллардан анчагина паст автомобиллар етказиб берилиши ҳолатлари ҳам кам учрамайди. Бу эса, тўғридан-тўғри хавфсизлик билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамизки, тахограф – бу транспорт воситаси бортига ўрнатиладиган ва ҳаракат режимини, ҳайдовчининг ва экипаж аъзоларининг ишини ва дам олишини қайд этиб борадиган ускунадир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: