Ўзбекистон Японияда ўз туристик имкониятларини намойиш қилди

Дата: 17:36, 28-09-2015.

Тошкент. 28 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Япониядаги йирик JATA Tourism EXPO Japan-2015 кўргазмасида ўз туристик имкониятларини намойиш қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбектуризм” МК хабар қилишларича, кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси билан ҳамкорликда, Япон турагентликлари ассоциацияси (JATA) ва Япон халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида туристик форум ўтказилди.

Business to Business (В2В) кўринишида ўтказилган учрашувда ўзбекистонлик туроператорлар япон ҳамкасблари билан сайёҳлик соҳасида иккитомонлама лойиҳаларни муҳокама қилдилар. Маҳаллий туркомпаниялар япониялик ҳамкасабаларига Ўзбекистон бўйлаб турли саёҳатлар турпакетларини таклиф қилдилар. Улар орасида Буюк Ипак йўли шаҳарлари Самарқанд, Хива, Бухоро, Шахрисабз, Термиз ва бошқалар бўйлаб саёҳатлар бор.

Бундан ташқари, миллий стендда халқ амалий санъати намуналари, совға маҳсулотлари, ахборий каталог ва брошюралар, Ўзбекистонда сайёҳлик ҳақида видеофильмлар намойиш қилинди.

Маълумот ўрнида, JATA Tourism EXPO Japan кўргазмаси Осиё-Тинч уммони ҳудудидаги энг йирик туристик тадбирдир. 2014 йилда кўргазмага дунёнинг 150 мамлакатидан 1 минг атрофида экспонентлар қатнашган. Тадбирга 120 мингдан ошиқ киши ташриф буюрган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: