Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Озарбайжондаги халқаро турнирда қатнашади

Дата: 13:23, 25-04-2014.

Тошкент. 25 апрель. ЎзТАГ – Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоаси шу йилнинг 29 май – 5 июнь кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказиладиган «Каспий Кубоги» анъанавий турнирида иштирок этади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Гуруҳ босқичида Ўзбекистон “D” гуруҳида Туркия ва Қозоғистон ўсмирларига қарши тўп суради. Жами турнирда 12 терма жамоа иштирок этиши кутилмоқда. Турнирдаги кўп жамоалар 17 ёшгача бўлган ўсмирлардан ташкил топган. Фақатгина Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон ўсмирлар терма жамоалари 16 ёшгача бўлган ўсмирлар билан турнирда иштирок этади”- деб таъкидлашди Ўзбекистон футбол федерациясида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-16 ўсмирлар терма жамоаси шу йилнинг 6-20 сентябрь кунлари Таиланд мамлакати мезбонлик қиладиган U-16 ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этади. Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг “С” гуруҳида Кувайт, Непал ва КХДР ўсмирларига қарши майдонга тушади.
Айни пайтда жамоа БАА йиғинда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: