Ўзбекистон жамоаси мотам туфайли Кўчманчилар ўйинларининг очилишига чиқмади

Дата: 12:10, 04-09-2016.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон жамоаси мотам туфайли Бутунжаҳон Кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимига чиқмади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Маросимда фақат Ўзбекистон байроғи олиб ўтилди.

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг аниқлаштиришича, Ўзбекистон  жамоаси очилишда мотам туфайли иштирок этмаган. “Ўзбекистон жамоаси Кўчманчилар ўйинларида иштирок этади, аммо мотам сабабли очилиш маросимида қатнашмайди”, - деб маълум қилишди матбуот хизматида.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов жума куни оламдан ўтди ва шанба, 3 сентябрда Самарқандда дафн этилди. Ўзбекистонда уч кунлик мотам эълон қилинган.

Каримовнинг вафоти сабабли Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Қирғизистонга Кўчманчилар ўйинларининг очилишига келмади. Ташриф сўнгги дақиқаларда И.Каримовнинг дафн маросимида иштирок туфайли бекор қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: