Ўзбекистонда 1 мартдан ҳудудлар қиёфасини ўзгартиришнинг янги тизими жорий этилади
Тошкент. 7 январь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 1 мартдан ҳудудлар қиёфасини ўзгартиришнинг янги тизими жорий этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу президентнинг 2019 йил 13 декабрдаги "Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.
Қонунчиликка киритилган янгиликларга кўра, ер ажратиш ва шаҳарсозлик соҳасида жамоатчилик назорати механизмлари кенгаймоқда.
"Хусусан, 2020 йил 1 мартдан бошлаб аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш ва ободонлаштириш, шунингдек, уларда қурилиш ва реконструкция қилиш бўйича комплекс ишларни ўтказиш тўғрисидаги қарорлар мазкур ҳудуд аҳолиси ўртасида олдиндан муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилмоқда", - дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, 1 мартдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилингандан (расмийлаштирилгандан) кейин бир кун ичида тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
Сурат манбаи: tashkent.uz