Ўзбекистонда 186 туман ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилади

Дата: 13:45, 11-06-2019.

Тошкент. 11 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 186 туман ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизматларини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Қарорда Ўзбекистон Ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш концепцияси ва 2019–2024 йилларда Ўзбекистонда Ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди", – дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармасига ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига тушаётган маблағлар суммасининг 2 фоизи Ахборот-кутубхона муассасалариниривожлантириш жамғармасига ажратилади.

"Миллий кутубхона ҳузуридаги 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилади. Шунингдек, мактаблар ва коллежлар ҳузурида фаолият юритаётган барча ахборот-ресурс марказлари тугатилиб, уларнинг китоб фондлари ва штат бирликлари янги ташкил этилаётган туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларига ўтказилади", – дейилади хабарда.

Бундан ташқари, қарорда янги ташкил этилаётган туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларининг асосий вазифалари белгилаб берилди.

"Улар орасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ахборотдан фойдаланиш имкониятларини яратиш, уларга ҳар қандай (босма, мультимедиа ва рақамли) ташувчиларда, шу жумладан, Интернет тармоғида сифатли ахборот манбаларидан кенг фойдаланиш имконини бериш керак", – дейилади хабарда.

Шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, шу жумладан ҳарбий қисмларда идоравий кутубхоналар ташкил этилади (такомиллаштирилади). Уларнинг китоб фондини янгилаш ва тўлдириш учун ҳар йили зарур нашрлар рўйхати шакллантирилади.

Таъкидланишича, 21 май куни Кутубхоначилар куни деб эълон қилинади. Бунда кутубхоначиларни кўп йиллик ҳалол меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва рағбатлантириш назарда тутилади.

Сурат манбаи: t.me/pravoinf

Янгилик билан ўртоқлашиш: