Ўзбекистонда 2016 йил 1 январгача қишлоқ хўжалик маҳсулотларини автотранспортда ташишга рухсат берилди

Дата: 16:58, 21-10-2015.

Тошкент. 21 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2016 йил 1 январгача қишлоқ хўжалик маҳсулотларини автотранспортда ташишга рухсат берилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Киритилган ўзгартишларга мувофиқ, республиканинг ички бозорида мевалар, сабзавотлар, полиз маҳсулотлари, картошка ва узумдан, шу жумладан дуккакли маҳсулотлардан оқилона фойдаланиш, шунингдек экспортга етказиб беришни ташкил этиш масалаларини ҳал этиш бўйича ташкил қилинган Ишчи гуруҳи рўйхатига киритилган юридик шахслар 2016 йил 1 январга қадар автотранспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум экспортини амалга оширишлари мумкин”, - дейилади ҳукуматнинг 9 октябрдаги қарорида.

Эслатиб ўтамизки, Вазирлар Маҳкамасининг 28 августдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилишни тартибга солиш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 1 сентябрдан бошлаб юқоридаги маҳсулотларни автомобил транспортида ташиш таъқиқланган эди.

Экспорт қилиш фақат темир йўл ва ҳаво транспортида амалга ошилиши кўзда тутилган эди. Бу мевасабзовот маҳсулотлари экспортини тартибга солиш, экспорт контрактларини суғурта қилишнинг амалдаги механизмини такомиллаштириш, шунингдек, маҳсулотларнинг республика божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиш билан изоҳланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: