Ўзбекистонда 2019-2025 йилларда туризмни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди

Дата: 10:27, 08-01-2019.

Тошкент. 8 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2019-2025 йилларда туризмни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президентининг “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

У туризм фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, туризмни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган халқаро меъёр ва стандартларни имплементация қилиш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда мақбул ва қулай туризм муҳитини яратиш, транспорт логистикасини ривожлантириш, ички ва ташқи йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш кабиларни кўзда тутади.

Шунингдек, концепцияга мувофиқ, туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, республика ичида туризм хизматларига бўлган эҳтиёжни қондиришга йўналтирилган туризм фаолияти субъектларининг фаоллигини рағбатлантиришни таъминловчи ички туризмни ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси туризм маҳсулотини халқаро ва ички туризм бозорларида тарғиб қилиш, мамлакатнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз сифатидаги имиджини мустаҳкамлаш, туризм тармоғи учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш кабиларни ҳам ўз ичига олади.

Сурат манбаи: https://ia-centr.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: