Ўзбекистонда АКТ чуқурлаштириб ўрганиш бўйича мактабда биринчи имтиҳонлар бўлиб ўтди
Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб 2018-2019 ўқув йили учун 5-синфга биринчи қабул имтиҳонларини ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Мактабдан хабар беришларича, 5-синфга ўқувчилардан ҳужжатларни қабул қилиш 2 июлдан 20 июлга қадар бўлиб ўтди. Мактабга керакли ҳужжатларни 510 нафарга яқин ўқувчилар топширди ва қабул имтиҳонларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
Рўйхатдан ўтган ўқувчилар 23 июль куни “Ўзкўргазмасавдо” биносида бўлиб ўтган математика ва инглиз тили фанларидан имтиҳонларда иштирок этдилар. Имтиҳон 2 соат давом этди.
Имтиҳон Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликда ташкил этилди. Олий ўқув юрти мактабга имтиҳон жараёнини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда кўмак берди.
Хусусан, имтиҳон жараёни махсус сайт ва мактабнинг расмий Facebook саҳифаси орқали онлайн намойиш этилди.
Шу билан бирга имтиҳонларнинг шаффофлигини таъминлаш учун бир гуруҳ ота-оналар кузатувчи сифатида имтиҳон залига таклиф этилдилар.
Кириш имтиҳонлари якунларига кўра, ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига 60 нафар ўқувчилар қабул қилинади. Имтиҳон натижалари 2018 йилнинг 30 июль куни эълон қилинади.
Эслатиб ўтамизки, ихтисослаштирилган мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилди. Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари давлат умумий ўрта таълим стандартлари асосида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларини чуқур ўзлаштиришади. Мактабнинг низомига кўра, таълим ўзбек тилида олиб борилади.
Сурат манбаи: http://www.uz24.uz/society/al-horazmiy-nomidagi-it-maktabga-ilk-guuvchilarni-saralash-bgyicha-tanlov-elon-uilindi