Ўзбекистонда амалдорларга даромадлар тўғрисида декларация тўлдириш вазифаси юкланиши мумкин
Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда амалдорларга даромадлар тўғрисида декларация тўлдириш вазифаси юкланиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бундай меъёрнинг ишлаб чиқилиши ҳақида Sputnik нашрига Бош прокуратурадаги манба гапириб берди.
Ҳамсуҳбатнинг сўзларига кўра, ҳозирда тегишли вазирлик ва муассасалар томонидан коррупцияга қарши 2018 йилгача мўлжалланган икки йиллик дастур ишлаб чиқилмоқда. Коррупция жиноятига қарши кураш бўйича қатор чора-тадбирлар мажмуасини ўз ичига олувчи ҳужжат март ойи охирида тайёр бўлади. Хусусан, ундаги меъёрлардан бири – давлат ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари даромадлари ҳақида декларацияни мажбурий тўлдириш талаби бўлиши мумкин.
“Даромадлар декларацияси юридик ҳужжат эмас, балки иқтисодий хужжатдир. Шунинг учун ҳозирда мутахассислар томонидан мазкур талабни жорий этиш шартлари ўрганиб чиқилмоқда ва муҳокамалар якунига етиши билан биз барча таклифлар умумлаштирилганидан сўнг, бу борадаги аниқ фикр айтиш мумкин бўлади”, - деди мутахассис.
Унинг қайд қилишича, умуман олганда дастур доирасида республикада коррупцияга қарши кураш борасида, шу жумладан, хориж тажрибасига ҳам асосланган ёндашувлар ишлаб чиқилади.
Эслатиб ўтамизки, шунингдек, Ўзбекистонда қонунчилик актларини таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш ҳамда мансабдор шахслар орасида ҳалол меҳнат қилишни тарғиб қилувчи аниқ таклифлар киритиш билан шуғулланувчи коррупцияга қарши муассасалараро комиссия ташкил этиш режалаштирилмоқда. Комиссия, мазкур соҳадаги сурункали муаммоларни аниқлаш билан ҳам шуғулланади.