Ўзбекистонда арматура нархлари йил давомида ўзгариб турди

Дата: 17:35, 28-09-2015.

Тошкент. 28 сентябр. ЎзТАГ - Ўзбекистонда арматура нархлари йил давомида ўзгариб турди. Хусусан, январ-мартда нархлар деярли 36% тушиб кетган бўлса, апрел-июнда 17% ўсди, июл-сентябрда эса яна 10% пасайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбек республика товар хом-ашё биржаси (ЎзРТХАБ) матбуот хизмати маълумотларига кўра, нархларнинг ўзгариб туриши талаб ва таклиф динамикаси билан боғлиқ. Хусусан, январь ойида савдога қўйилган СТ-12-35 ГС маркали арматуранинг ҳажми 460 тоннани ташкил этган бўлса, март ойида ушбу кўрсаткич 917 тоннага етди ва кейинчалик у ўртача 728 тоннагача тушиб кетди. Шу боис январь-март ойларида маҳсулотнинг бир тоннаси учун белгиланган ўртача нархлар 2,8 млн сўмдан 2,3 млн сўмгача пасайди. Бошқача айтганда, ушбу даврда арматуранинг биржа бозоридаги нархи жорий йил учун энг юқори чўққисидан энг паст даражасигача тушиб кетди.

Кейинги даврларда эса бозорда ўсиш тенденцияси шаклланди. Хусусан, апрель ойидан бошлаб нарх ўсиши оқибатида июн ойига келиб арматуранинг бир тоннаси 2,7 млн сўмни ташкил этди. Мутахасислар ва трейдерларнинг фикрига кўра нархларнинг кўтарилиши биржа савдоларига қўйилаётган ҳажмларнинг нисбатан қисқарганлиги билан боғлиқдир. Шу жумладан апрель ойида арматуранинг сотиш ҳажми 794 тоннани ташкил этган бўлса, июнь ойига келиб у 683 тоннагача камайди.

Шу билан бирга, кейинги 3 ой давомида нархлар йўналиши такроран қарама-қарши томонга ўзгарди. Июл-сентябр ойларида СТ 12-35 ГС маркали арматуранинг нархи 2,7 млн сўмдан 2,6 млн сўмгача пасайди. Бунинг икки сабаби мавжуд, шу жумладан қора металл маҳсулотларининг биржа савдоларига қўйилишини ошганлиги, ҳамда қурилиш мавсумининг якунлаб бораётганлигидир.

Умуман олганда кўриб чиқилаётган даврда биржа савдолари орқали сотилган арматуранинг ҳажми 32 минг тонна ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18% кўп демакдир. Бироқ бошқа турдош қора металл маҳсулотлари савдосининг ўсиши натажасида арматуранинг қора металл биржа бозордаги улуши 5% га камайди ва 63% ни ташкил этди. Бозордаги нархлар мувозанати, ўз навбатида биржа савдолари иштирокчиларига фаолиятларини самарали ташкил этиш имконини берди, дейилади биржа хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: