Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши мониторинги автоматлаштирилади

Дата: 11:31, 09-09-2019.

Тошкент. 9 сентябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишининг мониторингини автоматлаштирилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"2019 йил 5 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги 737-сонли ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2021 йилнинг 1 декабридан бошлаб республикада атмосфера ҳавосининг ифлосланишини мониторинг қилиш автоматлаштирилади", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб атроф-муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган янги жорий этилаётган хўжалик юритувчи субъектлар ҳудудида ҳаво ифлосланиши манбаларидаги намуналарни танлаш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар мажбурий тартибда ўрнатилади

Қарор билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига атроф-муҳитни мониторинг қилиш соҳасидаги барча вазирлик ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, 2021 йилнинг 1 январига қадар республика ва вилоят даражасидаги барча идоравий таҳлилий лабораториялар аккредитациядан ўтказилади.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб атроф-муҳит мониторинги давлат тизимининг ягона геоахборот базаси фаолият кўрсатади.

Бундан ташқари, қарор билан Ўзбекистонда атроф-муҳитни давлат томонидан мониторинг қилиш тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Низомга мувофиқ мониторинг ишлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ва камида 5 йилда бир марта қайта кўриб чиқиладиган атроф-муҳитни давлат мониторинги дастурига мувофиқ амалга оширилади.

Сурат манбаи: edie.net

Янгилик билан ўртоқлашиш: