Ўзбекистонда “бахтли мактаблар” пайдо бўлади

Дата: 16:45, 08-11-2018.

Тошкент. 8 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан “Бахтли мактаб” лойиҳаси концепцияси шакллантирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Лойиҳа 5-7 ноябр кунлари Халқ таълими вазирлиги томонидан БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) билан ҳамкорликда ташкил этилган уч кунлик ўқув семинари доирасида ишлаб чиқилмоқда.

Тадбир доирасида ўқувчилар ва оилалар билан самарали ишлаш, бир қатор ижтимоий-психологик ҳаетий кўникмаларни ривожлантириш, халқ таълими тизимидаги мутахассислар ва ота-оналарнинг таълим-тарбия жараёнидаги психологик-педагогик компетентлигини оширишга йўналтирилган “Мустаҳкам оила” тренинг ташкил этилди.

ХТВ матбуот хизматидан хабар беришларича, семинар ва “Бахтли мактаб” лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш “Мустаҳкам оила” тренинг дастури қамровини республика даражасида кенгайтиришнинг бир босқичи ҳисобланади.

“Бахтли мактаб” лойиҳасида қатнашиш учун Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудидан биттадан таянч-тренер мактаб танлаб олинди. Жами 14 та мактабда махсус малакали психолог ва педагоглар жамоаси иш олиб борадилар ҳамда ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота оналари билан замонавий психологик-педагогик технологиялар асосида ишлаш йўлга қўйилади.

Танлаб олинган тажриба мактаблари келгусида ўзига хос “Бахтли мактаб” лойиҳаси ва “Мустаҳкам оила” тренинг дастури тажрибасини ва оммалаштириш бўйича тренинг марказига айланиши кўзда тутилган.

Иштирокчилар ўзаро ҳурмат, яхши хулқни рағбатлантириш, орзу ва мақсадларга эришиш, ўсмирларни қоидаларга риоя этиши ва уларга тўғри тақиқ қўйиш, ўқувчи-ёшларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик, зўравонлик, зарарли одатларга (ичиш, чекиш, гиёҳвандлик) қарши психологик иммунитетни вужудга келтириш, оиланинг психологик саломатлигини яхшилаш, оилаларнинг, болалар ва ёшларни ҳар томонлама ривожланишига ёрдам берадиган энг муҳим оилавий хусусиятларини яхшилаш, ота-оналарнинг таълим жараёнига ижобий таъсир этиши, оилавий келишув, тенгдошларнинг босимига қаршилик каби долзарб мавзуларда янги билим ва кўникмаларга эга бўладилар.

Сурат манбаи: https://www.lzinios.lt

Янгилик билан ўртоқлашиш: