Ўзбекистонда банк карточкаларидан фойдаланиш тартиблари ўзгартирилди

Дата: 16:40, 10-03-2015.

Тошкент. 10 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда банк карточкаларидан фойдаланиш тартиблари ўзгартирилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви қарори билан кўзда тутилган бўлиб, унга мувофиқ, “Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низом”га ўзгартиришлар киритилди.

Киритилган ўзгартиришлар эмитентнинг карточка эгасидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш ҳуқуқига таллуқли. Илгари уш у ҳуқуқ эмитентга тўлов ташкилоти қоидалари асосида берилар эди.

Эндиликда бу ҳуқуқ “Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари” билан белгиланади. Худди шу асосда эквайер ҳам эндиликда карточка эгасидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш ҳуқуқига эга, дейилади хужжатда.

Эслатиб ўтамизки, эмитент деганда бу банк карталарини эмиссия қилиш ҳуқуқига эгалик қилувчи банк тушунилади ва у банк карталарининг эмиссиясини амалга оширади ҳамда карталар эгалари ва улар томонидан банк карталаридан фойдаланиб ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқини амалга оширувчи эквайер олдида ўз номидан мажбуриятларни зиммасига олади.

Банк картасининг эмитенти фақат банк бўла олади.

Эквайер деганда эса одатда эквайрингни, яъни банк карталаридан фойдаланиб маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) сотувчилар билан операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширувчи, карта эгасига кассалар ва банкоматлар орқали нақд пулни берувчи банк тушунилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: