Ўзбекистонда Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати ташкил этилди

Дата: 16:31, 27-02-2018.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Марказий банк матбуот хизматига таянган ҳолда.

Маълум қилинишича, янги хизмат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш департаменти негизида ташкил қилинди.

Хизмат банк хизматлари истьемолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, молиявий хизматлар қулайлигини ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлик даражасини ошириш билан шуғулланади.

“Хизмат ўз фаолияти давомида тижорат банклари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан ҳуқуқ бузилишлари ҳолатлари билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқиб, мазкур ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича ишлар олиб боради”, - деб таъкидланади МБ хабарида.

Бундан ташқари, Жамоат қабулхоналарини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, уларга истеъмолчилар банк хизматлари соҳасидаги амалдаги қонунчилик нормалари юзасидан маслаҳат ва тушунтиришлар олиш мақсадида мурожаат этишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, март ойида Марказий банкнинг интернет-ресурсида хизматнинг алоҳида бўлими очилади ва бу ерда банк хизматлари истеъмолчилари учун батафсил маълумотлар жойлаштириб борилади.

 

Сурат манбаи: https://kun.uz/uz/news/2016/07/18/uzbekiston-banklari-faol-mablaglari-734-trln-sumga-etdi

Янгилик билан ўртоқлашиш: