Ўзбекистонда Экоҳафталик бошланди

Дата: 15:28, 01-06-2017.

Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда анъанавий Экоҳафталик 2017 тадбири бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу масала юзасидан 31 май куни Халқаро Пресс-клубда учрашув ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Борий Алихонов, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури доимий вакили в.б. Фарид Карахановлар, шунингдек, Халқаро Пресс-клуб модератори Шерзодхон Қудратхўжаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор вазирлик ва идоралар, нодавлат ташкилотлар ҳамда Ўзбекистонда аккредитацияланган маҳаллий ва халқаро ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Экоҳафталик анъанавий равишда Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган бўлиб, “Мен табиат билан биргаман” шиори остида ўтказилмоқда. 

Экоҳафталик 2017 доирасида Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа жойларида учрашувлар ўтказиш, ҳудудларни тозалар акцияларини уюштириш режалаштирилган.  

 Уларнинг барчаси аҳолининг экологик онгини ошириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, биологик ресурслардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 2016 йилда экологик қонунчилик бузилии билан боғлиқ 18269 ҳолат аниқланган бўлиб, уларнинг 7187 ёки 40% атроф муҳитни чиқиндилар билан ифлослантиришга доир. Мавжуд вазият юқоридаги қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарликнинг етарли эмаслиги ва самараси пастлиги билан боғлиқ.

Янгилик билан ўртоқлашиш: