Ўзбекистонда ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияларни олиш буюртмаларини кўриб чиқиш муддати 20 кунгача қисқартирилди

Дата: 16:00, 18-01-2018.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияларни олиш буюртмаларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунгача қисқартирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияларни олиш буюртмаларини кўриб чиқиш муддати 20 кунгача қисқартирилади. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда мурожаат қилувчининг устав фондига қўйилган талаб буюртма тақдим этилган вақтда қонунчиликда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорини ташкил этади”, - дейилади Ўзбекистон президентининг “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида.

Бундан ташқари, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун кон ажратмаларини бериш ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан ишчи лойиҳа тақдим этилган кундан бошлаб 10 кун давомида амалга оширилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси бир ой муддатда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар беришнинг янгиланган тартиби ишлаб чиқилиши ва ўрнатилган тартибда киритилишини таъминлаш топширилди. 

Сурат манбаи: http://www.saratov.aif.ru/society/jkh/kak_poluchayut_licenzii_upravlyayushchie_kompanii_saratovskoy_oblasti

Янгилик билан ўртоқлашиш: