Ўзбекистонда фермерлар ва хўжаликларга арзон озуқа олиш усули кўрсатиб берилди.

Дата: 12:49, 26-02-2019.

Тошкент. 26 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда фермерлар, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига арзон озуқа олиш усули кўрсатиб берилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

25 феврал куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида  озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим бўлган ғалла парваришини тизимли ташкил этиш ва ҳосилга-ҳосил қўшиш бўйича амалга ошириладиган долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ш. Мирзиёев пахтачиликда ўзини оқлаётган тажрибадан келиб чиқиб, ғаллачилик бўйича ҳам кластерлар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Мутасадди раҳбарлар ва вилоятлар ҳокимларига бу борада тегишли топшириқлар берди.

Фермерлар ҳам, кластерлар ҳам иқтисодий манфаат билан ишлаши, шартнома режасидан орттириб ҳосил олиб, даромадини кўпайтириши кераклиги қайд этилди.  

Ғаллачилик қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Хусусан, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларининг озуқага доимий эҳтиёжи бор.

“Энди бундай хўжаликлар билан фермерлар ўртасида ғалла ҳосилининг муайян қисмини сотиб олиш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузилиши йўлга қўйилади. Ғалла парваришланиб, ҳосилга-ҳосил қўшиладиган пайтда паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари фермер хўжаликларига маблағ йўналтириб, кейинчалик арзон озуқа олади. Пировард натижада ғалладан мўл ҳосил етиштиришга, ундан озуқа тайёрлаш орқали гўшт, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон бўлишига ҳам эришилади. Бундан икки томон ҳам манфаат кўради”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда манфаатдор хўжаликларни ўзаро бириктириб, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларининг буғдойга бўлган талабини тўлиқ қоплаш бўйича топшириқлар берилди. 

“Ғалла парвариши бўйича ташкил этилган республика ишчи гуруҳлари жойларга бориб, вилоятлар ва туманлар 4 та сектор раҳбарлари билан бирга ғалла ҳосилдорлигини камида 30 фоизга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, ижросини ташкил қилиши зарурлиги қайд этилди”, - дейилади хабарда. 

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: