Ўзбекистонда илк маротаба “Кодлаш соати” глобал таълим акцияси бўлиб ўтади

Дата: 15:30, 06-12-2017.

Тошкент. 6 декабр. ЎзТАГ – 10 декабрда Ўзбекистонда илк бора ёшларни информатика ва дастурлашни ўрганишга жалб этиш учун қаратилган “Кодлаш соати” глобал таълим акцияси ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Кодлаш соати” акцияси бутун дунё бўйлаб одамларни дастурлаш асосларини ўрганишга бир соат сарфлашга чақиради. Глобал ҳаракат доирасида 2017 йил 10 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бир соатлик дастурлаш дарслари бўлиб ўтади.  Лойиҳа “Microsoft” корпорацияси, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва “CodeCraft” лойиҳаси иштирокида ташкил этилган.

Тадбир доирасида 8 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар учун учта дарс машғулоти ўтказилади. Иштирокчиларни рўйхатга олиш http://codecraft.uz/minecraft/ сайтида очилган ва 2017 йил 8 декабрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамизки, ҳар йили мазкур ташаббусни дунёнинг 180дан ортиқ мамлакати қўллаб-қувватлайди. “Кодлаш соати” – ҳар бир ўқувчи ва талабанинг ўз қобилиятларини намойиш этишлари, АТ соҳасидаги бошланғич билимларни олишлари, дастурларнинг асосларини ўрганишлари ва келажакда қайси касб танлашга қарор қилишлари учун имкониятдир. Ўз навбатида, ўқитувчилар ўқитишда янги интерактив технологияларни қўллаш имкониятига эга бўлиб, шу билан ўқувчиларнинг ўз фанларига бўлган қизиқишларини оширадилар.

“Microsoft” компанияси “Кодлаш соати”га бағишлаб, машҳур “Minecraft” ўйини асосида “Hero`s Journey” (“Қаҳрамон йўли”) деб номланган қўлланмани чиқарди. Қўлланма мактаб машғулотлари, синфлар ва уй дарслари давомида компьютер фанининг асосларини содда ва қизиқарли тарзда ўрганиш учун мўлжалланган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: