Ўзбекистонда илк маротаба Scopus версияси бўйича энг яхши олимлар тақдирланади

Дата: 17:27, 22-11-2018.

Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – 23 ноябр куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Scopus илмий-таҳлилий маълумотлар базаси версияси бўйича Ўзбекистоннинг энг яхши олимларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Нидерландиянинг Elsevier компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Вазирликдан маълум қилишларича, маросимда вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, QS, Times Higher Education каби дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари директорлари, Elsevier компанияси раҳбарлари, хорижлик мутахассислар ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбир доирасида Биринчи илмий форум ҳам ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда олимлар учун мақола ёзиш, илмий журналларни индексациялаш ва халқаро рейтингларга кириш методологиясини ўргатиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 23 март куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Elsevier етиакчи илмий компанияси ўртасида барча етакчи рейтинг агентликлари томонидан фойдаланиладиган “Илм-фан 2020” миллий стратегик ҳамкорлик келишуви имзоланган эди.

 

Сурат манбаи: https://hi-news.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: