Ўзбекистонда кўчмас мулк бўйича онлайн хизматлар кўпайди

Дата: 15:30, 06-12-2017.

Тошкент. 6 декабр. ЎзТАГ – 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) кўчмас мулкни расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнларни осонлаштирадиган янги хизматлар ишга туширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Тошкент шаҳри ҳудудида ўз уй-жойининг мавжудлиги / мавжуд эмаслиги тўғрисидаги гувоҳномани олиш ва Тошкент шаҳридаги мол-мулкка нисбатан хатлов / тақиқ борлиги тўғрисида маълумот олиш хизматларидир.

Ушбу хизматлардан Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган юридик ва жисмоний шахслар фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун кадастр рақамини ва манзилни ўз ичига олган шахсий кабинетда уй-жой тўғрисидаги маълумотларни тўлдириш керак. Маълумотнома олиш учун сўров киритилгач, жавоб автоматик тарзда тақдим қилинади.

Шунингдек, ЯИДХПнинг “Кўчмас мулк” бўлимида кўчмас мулк олди-сотдиси, уни совға қилиш учун онлайн ариза бериш, ер участкасига ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш гувоҳномасини олиш учун ариза бериш, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш ҳақидаги қарор учун ариза бериш каби интерактив хизматлар мавжуд.

Янгилик билан ўртоқлашиш: