Ўзбекистонда мактаб таълимига хусусий инвестициялар жалб қилина бошлайди

Дата: 10:37, 12-10-2018.

Тошкент. 12 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда мактаб таълими соҳасига хусусий инвестициялар жалб қила бошлаш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган икки мактаб базасида халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) синов лойиҳалари амалга оширилади.

Бу ҳақида мамлакат Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматидан хабар беришди.

“Ушбу синов лойиҳалари билан биз халқ таълими соҳасига хусусий маблағларни жалб этиш ниятидамиз. Инвестициялар билан бирга биз таълим соҳасига инновациялар ва малакали ўқитувчиларни жалб этамиз, бу эса таълим сифатини оширишга кўмак беради. ДХШ лойиҳаси доирасида инвесторлар болаларнинг таълим олишлари ва ўқитувчиларнинг самарали ишлашлари учун ҳамма шароитларни яратишлари керак бўлади. Ўз ўрнида сармоядорлар мактаб мулки ва объектларидан 30 йил мобайнида беғараз фойдаланиш имкониятига эга бўладилар”, - деб таъкидлайди Халқ таълими вазири ўринбосари С. Бобохўжаев.

Инвесторлар билан тузиладиган ДХШ шартномаси доирасида, мактаб ўқувчиларининг умумий сонидан 20% и ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандлари бўлади, деб қайд этди С. Бобохўжаев.

Эслатиб ўтамиз, Президент Ш. Мирзиёев 2018 йилнинг 5 сентябр куни “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Бу ҳужжат халқ таълими соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратади.

Сурат манбаи: http://doveinvestireora.it

Янгилик билан ўртоқлашиш: