Ўзбекистонда нақд хорижий валютани мажбурий декларациялаш тартиби бекор қилинади

Дата: 15:49, 11-12-2017.

Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ – 2018 йил 1 январдан Ўзбекистонда мамлакатга $2 минггача нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқишда мажбурий декларациялаш тартиби бекор қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Жисмоний шахслар тарафидан ёзма равишда декларациялаш тартиби ўзгариши  Ўзбекистон президентининг “Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Шунингдек, ҳужжат билан тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларнинг нақд хорижий валютани Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кетишларига рухсатнома бериш тартиби бекор қилинди. Эндиликда нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетиш эквивалентда $5 мингга тенг ёки ундан ошмайдиган сумма доирасида ҳеч қандай рухсатномаларсиз амалга оширилади.

Белгиланган суммадан ортиқча маблағни олиб чиқиб кетиш резидентлар томонидан – Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг рухсатномаси асосида, норезидентлар томонидан эса Ўзбекистон Республикасига кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида амалга оширилади. Декларацияда нақд хорижий валюта суммаси олиб чиқиб кетиладиган нақд хорижий валюта суммасидан кам бўлмаган миқдорда кўрсатилади.

 Норезидентлар – республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган мусобақалар, танлов ва олимпиадаларнинг совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валюта олиб чиқиб кетилаётганда нақд хорижий валюта олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат улар томонидан ушбу нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун асос бўлади.

Айни пайтда жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига нақд хорижий валютани олиб кириш чекловларсиз амалга оширилади.

Сурат манбаи: http://ru.sputniknews-uz.com/economy/20170323/5032704/Uzbekistan-dollar-rost.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: