Ўзбекистонда Наврўз кунлари хайрия тадбирлари ва ҳашарлар бўлиб ўтади

Дата: 09:34, 27-02-2018.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Наврўз кунларида ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак беришга қаратилган хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарлар ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Уларнинг вазифаси - жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришдан иборат.

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси президентининг жорий йилда Наврўз умумхалқ байрамини ўтказиш тўғрисидаги қарорида айтиб ўтилган.

Ҳужжатга билан ташкилий қўмитага Наврўз байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказишга қаратилган, “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ўн кун муддатда ишлаб чиқиш топширилган.

Барча шаҳар ва қишлоқларда Наврўзнинг тарихи, мазмуни ва фалсафасини, ушбу байрамни ўтказиш билан боғлиқ урф-одатлар, қадрият ва анъаналарнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзида мужассам этган оммавий сайиллар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Байрам дастурларини тайёрлашга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган сайилларга фольклор-этнографик гуруҳлари ва ансамблларни, таниқли санъаткорлар, ҳаваскор хонанда ва созандалар, бахшилар, аскиячи ва қизиқчилар, дорбозларни, ёш ижрочиларни кенг жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Халқ сайиллари дастурларини тайёрлашда халқона ўйинлар, фольклор санъатининг энг яхши намуналарига кенг ўрин бериш, ҳунармандлик кўргазмаларини ташкил этиш, ибратли оила, ибратли маҳалла, ибратли мактаб, моҳир бахши, моҳир лапарчи йўналишлари бўйича кўрик-танловлар ўтказиш, адабий-бадиий учрашувлар, китоб байрамларини ташкил этиш тавсия этилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига март-апрель ойларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлигини ташкил этиш ҳамда бу борадаги ишлар энг яхши йўлга қўйилган туман, қишлоқ ва маҳаллалар тажрибасини оммалаштириш вазифаси юкланган.

Шунингдек, уларга “Меҳрибонлик”, “Саховат”, “Мурувват” уйлари, кам таъминланган оилалар ва ногирон шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш вазифалари юкланди.

Сурат манбаи: http://www.top10lifestyles.com/uzbekistan-will-have-nation-wide-celebration-of-navruz-solar-new-year-holiday/

Янгилик билан ўртоқлашиш: