Ўзбекистонда ОИС тезкор текшириш тизими жорий этилмоқда

Дата: 15:38, 04-07-2014.

Тошкент. 4 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Соғлиқни-сақлаш вазири ишонч хоналарида ОИСга тезкор текширувни (тест) жорий этишга доир миллий протоколни тасдиқлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ушбу хужжат энг аввало, ОИСни юқтириш ҳавфи юқори бўлган гуруҳлар орасида эрта аниқлаш, касалликнинг олдини олиш, ОИС инфекциясини аниқлаш услубларини такомиллаштиришга йўналтирилган. Энди маҳаллий тиббий муассасаларнинг ишонч хоналарида истаган киши тезкор текширувдан ўтиши мумкин. Тестлар юқори сезгирликка эга бўлиб, фойдаланишда содда. Уларни ўрнатиш учун қимматбаҳо ускуналар талаб этилмайди. Тестлар йиғилмалари оддий ва тезкорга бўлинади. Оддий тест натижаларини 40-60 минутда олиш мумкин бўлса, тезкор тест натижаларини 15-30 минутда билиш мумкин бўлади”, - деб таъкидлашди Соғлиқни-сақлаш вазирлиги матбуот хизматида.
ОИСга текширишдан ўтаётган шахслар уни ўтказишга розилик беришлари лозим. Улар ОИСга текширишдан ўтиш жараёни, тест натижаларига кўра улар фойдаланишлари мумкин бўладиган хизматлар, тестда ўтишдан бош тортиш ҳуқуқлари тўғрисида хабардор қилинишлари лозим. Айни пайтда ОИСга мажбурий текшириш у ким томонидан амалга оширилаётганлигидан қатъи назар ҳеч қачон қўлланмаслиги лозим.

Янгилик билан ўртоқлашиш: