Ўзбекистонда солиқ қоидабузарликлари учун деярли 4 минг киши жазоланди

Дата: 18:23, 26-07-2017.

Тошкент. 26 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтган ҳафта давомида солиққа оид ҳуқуқбузарликка йўл қўйган 3 899 нафар шахсга нисбатан 1 млрд 345,4 млн сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат солиқ хизмати маълумотига асосланган ҳолда.

Шу жумладан, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган 901 нафар шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддасига асосан 135 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.

Бу каби қоидабузарликлар орасида харидорга товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) чек (квитанция, счет) бермасдан сотиш (хизмат кўрсатиш) ҳолатлари, назорат-касса машиналарини қўллаш тартибига риоя этмаслик ҳолатлари, тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартибига риоя этмаслик, нархларни асоссиз равишда ошириш, бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга бериш, уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаслик кабилар бор.

Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган 415 нафар фуқарога нисбатан 331,7 млн сўм жарима солинди.

Автомобил транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланган 460 нафар фуқарога жазоланди.

Бундан ташқари, солиқ қонунбузарликларини илк марта содир этган ва унинг оқибитларини аниқланганидан кейин 30 кун ичида бартараф қилган, давлатга етказилган зарарни қоплаган 392 якка тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: