Ўзбекистонда судьялар корпусининг малакасини сезиларли даражада ошириш режалаштирилмоқда

Дата: 11:30, 30-03-2017.

Тошкент. 30 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда судялар корпусининг малакасини сезиларли даражада ошириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу мақсадда Олий Мажлис Сенати 28 мартдаги тўққизинчи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.  

Қонун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг асосий вазифалари ва ваколатларини, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини, уни шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаб беради. 

Сенаторларнинг фикрига кўра, Судьялар олий кенгашининг тузилиши юқори малакали суд корпусини шакллантиришга қаратилган.

Кенгаш ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга ошириши, Кенгаш фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бу қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Кенгаш аъзолари қарорлар қабул қилишда сиёсий қарашлардан ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини ифодалайди. 

Қонунга мувофиқ Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан иборат 21 нафар таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилади. 

Кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Сенат томонидан тайинланади. Кенгаш раисининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва бир вақтнинг ўзида Кенгаш ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот марказини бошқаради. 

Бунда Кенгашнинг 11 нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари орасидан тасдиқланади. 

Кенгаш котиби ва унинг 7 нафар аъзоси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Кенгашнинг 13 нафар аъзоси, шу жумладан, Кенгаш раиси, котиби ва ўн бир нафар аъзоси Кенгашда доимий асосда ишлайди. Кенгашнинг қолган саккиз нафар аъзоси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Қонунда Кенгаш аъзоларининг мақоми белгилаб берилмоқда, уларнинг ваколат муддати 5 йил этиб белгиланмоқда. 

 Кенгаш судья кадрлар захирасини шакллантиради, судьялар лавозимларига номзодларни танлов асосида танлайди, турли даражалардаги судлар судьяларини тайинлаш, қайта тайинлаш, ваколатларини муддатидан илгари тугатиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этади. 

Кенгаш судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига илтимоснома киритиш, судьяларни интизомий, жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш ваколатига эга.

 Кенгашнинг муҳим вазифаларидан бири – суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига киритишдан иборат бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: