Ўзбекистонда уч йил ичида тез тиббий ёрдам ходимларига 266 та ҳужум бўлганлиги қайд этилган

Дата: 17:58, 27-11-2019.

Тошкент. 27 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда уч йил ичида тез тиббий ёрдам ходимларига 266 та ҳужум бўлганлиги қайд этилган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"2017-2019 йилларда беморларнинг яқинлари ва қариндошлари томонидан шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими шифокорларига 266 та ҳужум, уларга жисмоний зарар етказиш каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир бўлган. Бундай ҳолларда 340 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ходимлари зарар кўрди", –дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, фақат 40 та ҳолатда жазо чоралари қўлланилган. 109 ҳолатда иш ярашув билан якунланган ва 128 та шифокорларга ҳужум қилган шахсларга нисбатан қонуний чоралар қўллаш масаласи ҳал қилинмади.

"Бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун масъулиятни кучайтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ёрдамида"Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Энди бу ҳужжат иккинчи ўқишга тайёрланмоқда", - дейилади хабарда.

 

Сурат манбаи: newtimes.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: