Ўзбекистонда ҳукумат касб-ҳунар коллежларининг барча битирувчиларини ишга жойлаштириш ниятида

Дата: 11:27, 19-03-2015.

Тошкент. 19 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ҳукумат касб-ҳунар коллежларининг барча битирувчиларини ишга жойлаштириш ниятида, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 2015 йил 10 мартда Вазирлар Маҳкамасининг “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаш тиимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида”ги 52 сонли қарори қабул қилинди.

Унда “Республикамизда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича зарур шарт-шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш энг муҳим устувор йўналишлардан бири қилиб белгиланган”, дейилади. “Бунинг натижасида биргина 2014 йилда касб-ҳунар коллежларининг 495 минг нафарга яқин битирувчисининг бандлиги таъминланди. Уларнинг 423,1 минг нафари ишга жойлашди, 56 минг нафари тадбиркорлик фаолияти билан банд, 14,3 минг нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Ўз хусусий ишини очиб, бизнес билан шуғулланишга қарор қилган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига тижорат банклари томонидан 200,0 млрд. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит берилди”, деб таъкидланади хужжатда.

Қарорга мувофиқ, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, аниқ ташкилотларга бириктириш ва эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ҳафта муддатда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, аниқ ташкилотларга бириктириш ва эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича ҳудудий мувофиқлаштирувчи кенгашларни тузиш топширилди.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича амалга ошириладиган ишлар касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини, кейинчалик эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни назарда тутган ҳолда, ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун аниқ корхона ва ташкилотларга бириктириш ҳамда ишга жойлаштиришни ташкил этиш бўйича йиллик тадбирлар амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига ҳар бир битирувчини кейинчалик эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни назарда тутган ҳолда, ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун эгаллаган касбига мос йўналишдаги аниқ корхона ва ташкилотларга бириктириш ҳамда уч томонлама (корхона-битирувчи-коллеж) шартномалар тузиш вазифаси топширилди. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларига уларнинг ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришга кўмаклашиш тавсия этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: