Ўзбекистонда ватандошларни давлат томонидан қўллаб қувватлаш чоралари белгиланди

Дата: 15:36, 26-10-2018.

Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда ватандошларни давлат томонидан қўллаб қувватлаш чоралари белгиланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Улар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган.

“Белгилансинки, ватандошлар билан ҳамкорликнинг даражаси ва шаклидан келиб чиқиб, уларга Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат томонидан қуйидаги қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрсатилиши мумкин: кириш визаларини, шу жумладан, кўп маротабалик ва узоқ муддатли визаларни соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, вақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш”, - дейилади ҳужжат матнида.

Шунингдек, юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш, ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам бериш, давлат тасарруфидаги бўш турган объектларни ва ер майдонларини ватандошларга тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиб бериш кабилар ҳам кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ҳукумат ватандошлар орасида юқори малакали мутахассисларни давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилиш, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш, ватандошлар – хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишлари бўйича таълим олишлари учун грантлар ажратишни ҳам ўз зиммасига олмоқда.

Шу билан бирга, ватандошларнинг оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтишини соддалаштириш, Ўзбекистоннинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ватандошларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида давлат томонидан кўрсатиладиган бошқа қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари ҳам кўзда тутилмоқда.

Сурат манбаи: https://ru.sputniknews.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: