Ўзбекистонда Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилади
Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг тегишли қарорига асосланган ҳолда.
Янги уюшма таркибида масъулияти чекланган жамият шаклида Ёнғоқчилик илмий-тадқиқот маркази, Ёнғоқ логистика маркази, “Sag agro МТП” МЧЖ, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ҳудудий “Ёнғоқагро” ташкилотлари киради.
“Маҳаллий табиий-иқлим шароитларига мослаштирилган ёнғоқнинг серҳосил замонавий плантацияларини яратиш, шунингдек, ёнғоқ етиштиришнинг илмий асосланган усулларини ва ресурсларни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш билан шуғулланади”, - деб таъкидланади хужжат матнида.
Бундан ташқари, унинг вазифалари сирасига республика ҳудудларида ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш чораларини кўриш, маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш мақсадида маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, экспорт ҳажмини кўпайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, республика ҳудудларининг табиий-иқлим шароитларига мос келишлигини инобатга олган ҳолда, ёнғоқнинг серҳосил ниҳолларини лаборатория шароитларида етиштиришни ташкил этиш киради.
Бугун Ўзбекистон бўйлаб ёнғоқзорлар барпо этиш учун умумий майдони 10 минг гектаргача бўлган ер участкалари ажратилади. Бу ишларни йўлга қўйиш учун $50 млнлик жамғарма ташкил этилмоқда.
Шунингдек, давлат раҳбари ҳукуматга 2020 йилга қадар тўрт босқичдан иборат Ёнғоқ етиштириш ҳажмини янада кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишни ҳам топширди.