Ўзбекистонда йодланмаган тузни ишлаб чиқариш ва сотиш тўлиқ таъқиқланди

Дата: 12:49, 12-06-2015.

Тошкент. 12 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда йодланмаган тузни ишлаб чиқариш ва сотиш тўлиқ таъқиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир “Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонунчилик хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзи қонун хужжатлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қонун 9 июн куни давлат раҳбари томонидан имзоланди. Унга мувофиқ, “Йод танқислиги касалликларининг олдини олиш тўғрисида”ги қонунга тузатишлар киритилди.

Хужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 7 майда тасдиқланган ва Сенат томонидан жорий йил 15 майда маъқулланган.

Юқоридаги ўзгартишларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган ош тузи албатта йодланган бўлиши шарт. Олдин ҳам қонун мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган тузни йодлантиришни кўзда тутар, шунинг билан бирга тиббий ва бошқа сабабларга кўра уни истеъмол қила олмайдиган шахсларга йодланмаган туздан фойдаланишга имкон берар эди.

Эслатиб ўтамизки, “Йод танқислиги касалликларининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун 2007 йил 4 майдан кучга кирган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: