Ўзбекистонда “Ўзшаробсаноат” АЖ ташкил этилмоқда

Дата: 16:59, 02-03-2018.

Тошкент. 2 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Ўзвиносаноат-холдинг” ХК ўрнига виночилик саноати ривожига жавоб берувчи “Ўзшаробсаноат” АЖ ташкил этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президентининг 1 мартдаги “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Ҳужжат “алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тубдан такомиллаштириш, соҳани бошқаришнинг илғор технологияларини жорий этиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ” қабул қилинган

Қарорга мувофиқ, тармоқ ишини такомиллаштириш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Жумладан, республикада виночилик соҳасини янада ривожлантиришнинг 2018-2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

Хусусан, 2018 йилнинг 1 апрелидан виночилик маҳсулотлари учун яроқлилик муддатини белгилаш тўғрисидаги талаб истисно этилади ва бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга уларни сақлаш муддатини мустақил белгилаш ҳуқуқи тақдим этилади. Яна 2018 йилнинг 1 июлидан алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга ўз виночилик маҳсулотларини туристик йўналишларида ташкил этилган заводга тегишли дегустация ҳудудларида (жойларида) чакана реализация қилиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, 2019 йилнинг 1 январидан ўз узумзор плантацияларининг хом ашёсидан ишлаб чиқарилган табиий узум виноларини қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тоифасига киритган ҳолда, ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни лицензиялаш бекор қилинади.

Тармоқни рағбатлантириш мақсадида узумнинг техник навларини ишлаб чиқарувчилар 2025 йилнинг 1 январига қадар муддатга, қишлоқ хўжалик экинларини қатор оралаб етиштиришидан қатъи назар, ер солиғини тўлашдан озод қилиниши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, виночилик корхоналари Ўзбекистонда етарли ҳажмларда ишлаб чиқарилмайдиган, виночилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган ва фойдаланиладиган материаллар, хом ашё, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва буюмлар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат асосида олиб кирилиши учун 2025 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилади.

Сурат манбаи: http://evehealth.ru/mozhno-li-pokhudet-s-vinom/

Янгилик билан ўртоқлашиш: