Ўзбекистондаги энг йирик супермаркетлар тармоғи рўза тутган харидорлар учун ифторлик ташкил қилди

Дата: 17:34, 24-06-2015.

Тошкент. 24 июн. ЎзТАГ – Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистондаги энг йирик супермаркетлар тармоғи бўлган Korzinka.uz рўза тутган харидорлар оғиз очишлари учун шароит яратди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ифторлик вақти яқинлашмоқда. Рамазон ойида оғизни вақтида очиб олиш тавсия этилади. Агар сиз оила ва дўстларингиз даврасидаги ифторлик дастурхонига улгурмаётган бўлсангиз, яқинроқдаги “Корзинка” дўконларига кириб, рўзангизни очиб олишингиз мумкин. Рамазон ойидаги рўза ва ибодатларингиз қабул бўлсин!” – дейилади Korzinka.uzнинг Facebookдаги расмий саҳифасидаги хабарда.

Тармоққа кирувчи барча супермаркетларда рўзани очиш учун зарур бўлган сув, нон ва хурмодан иборат столлар ташкил этилган.

Эслатиб ўтамизки, Korzinka.uz тармоғига Тошкентда жойлашган 15 супермаркет киради ва у мамлакатдаги энг йирик савдо тармоғи ҳисобланади.

Рамазон – мусулмон тақвимидаги ойлардан бири бўлиб, унда барча мусулмонлар куннинг ёруғ даврида ейиш, ичиш ва бошқа шу каби лаззатлардан вос кечган ҳолда рўза тутишлари зарур.

Жорий йилда Рамазон ойи 18 июнда бошланди ва 17 июлда Рўза ҳайит байрами билан ниҳоясига етади. Ушбу байрам исломдаги энг йирик байрамлардан биридир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: