Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида янги насос станцияси ишга туширилди

Дата: 17:58, 05-09-2016.

Наманган. 5 сентябр. ЎзТАГ – Наманган вилоятининг Уйчи туманида “Қизил Равот-2” янги насос станцияси ишга туширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Умумий қиймати қарийб $13 млнга тенг ушбу лойиҳа халқаро тендер танловида ғолиб чиққан “Кубота Корпорейшн-Ортекс Инвестментс ЛТД” Япония – Буюк Британия қўшма консорциуми томонидан амалга оширилди. Иншоотда $4,7 млн ҳажмда қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, $7,8 млнлик замонавий гидротехник асбоб-ускуналар ўрнатилди”, – деб таъкидлашди Иқтисодиёт вазирлигида.

Жумладан, Япониянинг “Кубота Корпорейшн” компаниясида тайёрланган ва умумий қуввати сониясига 10 кубометр сувни 58 метр баландликка кўтариб берадиган тўрт комплект насос агрегати ўрнатилди ва юқори босимли қувурлар монтаж қилинди. Станция янги ўрнатилган 110/10 кВт қувватли трансформатор подстанцияси орқали электр энергияси билан таъминланди.

Гидроиншоот компьютерлаштирилган тизим орқали бошқарилиб, жараён тўлиқ видеоназорат остига олинган. Бу ерга ўрнатилган қуёш батареяли фотоэлектр модули тизимда электр энергияси таъминотида узилиш юз берган фавқулодда ҳолатларда станция биносини ёритиш ва кузатув-назорат ускуналарининг узлуксиз ишлашини таъминлайди.

“Қизил Равот-2” сув иншооти 17,8 минг гектар суғориш майдонига обиҳаёт етказиб беради ва Катта Наманган каналидан сув ичадиган 32 минг гектардан зиёд қишлоқ хўжалиги майдонида суғориш мавсумидаги сув тақчиллиги муаммоси барҳам топади. Уйчи, Чортоқ, Наманган туманларидаги 2,5 минг фермер хўжалиги ва 135 минг хонадоннинг деҳқончилиги ривож топади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: